Суғурта агентларининг расмий веб-сайти

«Ўзбекинвест» компанияси “Омадли полис соҳиби” акциясини ўтказди

13
04.2018

2018 йилнинг 12 апрель куни "WYNDHAM" меҳмонхонасида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан жисмоний шахслар ўртасида суғурта хизматларини янада оммалаштириш, суғурта ҳимоясининг афзалликларини кенг тарғиб қилиш, компания томонидан ишлаб чиқилаётган суғурта турлари билан таништириш ҳамда компания ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Омадли полис соҳиби” акциясининг якуний маросими ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси энг оммабоп суғурта турларидан бири ҳисобланади ва табиийки, юртдошларимизнинг кўпчилиги ушбу суғурта хизматидан фойдаланишади. Шундан келиб чиқиб, ушбу суғурта тури бўйича аҳолига сифатли суғурта хизматларини кўрсатиш ва унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш суғурта компанияларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Автомобиллардан фойдаланиш жараёнида учинчи шахсларга зиён етказиш эҳтимолининг ортгани ва унинг оқибатида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш учун 2008 йилда "Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинган. Мазкур қонуннинг мақсади фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига транспорт воситаси орқали зарар етказилганда келиб чиқадиган мажбуриятларни тартибга солади. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2008 йилда қабул қилинган "Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари" эса транспорт воситаси эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартибини белгилайди.

Жаҳон тажрисига асосланган ҳолда жорий қилинган бу амалиёт йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳайдовчи томонидан етказилган зарарни қоплаш имконини беради.

Ушбу қонунга мувофиқ транспорт воситасидан фойдаланишда жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилганлиги учун суғурта қилдирувчининг ёки транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича жавобгарлиги суғурталанган бошқа шахснинг фуқаролик жавобгарлиги юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланади.

Демак, суғурта ташкилоти тўғридан-тўғри жавобгар шахс бўлмай, фақат шартнома асосида суғурта қилдирувчи томонидан етказилган зарарни қоплайди. Томонлар ўртасидаги шартнома эса суғурта мукофоти тўланиши билан кучга киради.

24 йиллик тарихга эга «Ўзбекинвест» компанияси ўтган даврдаги фаолиятида кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифатини ошириш, ҳудудий филиаллар ва бўлимлар ишини фаоллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, мижозлар талаб ва эҳтиёжларини пухта ўрганишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида бир қатор ижобий натижаларга эришди.

Компания фаолиятининг асосий йўналишларидан бири мижозлар манфаатига мос келадиган барча турдаги сифатли суғурта хизматларини тақдим этишдан иборат. Тадбирда ташкилотчилар томонидан маълумот берилдики, бугунги кунда компания томонидан 100 дан ортиқ суғурта маҳсулотлари таклиф этилмоқда.

Мижоз ва компания ўртасида тузилган суғурта шартномасига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларни бажариш, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар мол-мулки, соғлиғи ва ҳаётига бахтсиз ҳодиса оқибатида етадиган зарарларни қоплаб бериш компания фаолиятининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Агар рақамларга мурожаат қилинса, жорий йилнинг I чораги якунлари бўйича «Ўзбекинвест» компанияси томонидан 87,5 млрд. сўм суғурта мукофоти йиғилиб, мижозлар олдида 55,2 трлн сўм ҳажмида мажбуриятлар қабул қилинган. Жорий йил бошидан буён мижозларга 2594 та, яъни ҳар ойда ўртача 864 та суғурта даъволари бўйича 6 млрд. сўм суғурта қопламалари тўлаб берилган.

Транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси бўйича эса 2,1 млрд. сўм суғурта мукофоти йиғилиб, ҳайдовчилар олдида 456 млрд. сўм ҳажмида мажбуриятлар олинган. Жорий йилнинг I чораги давомида 75 та суғурта ҳодисаси бўйича 250 млн. сўмдан ортиқ суғурта қопламаси тўлаб берилган.

Тадбир давомида аҳоли ўртасида суғурта хизматларини янада оммалаштириш, суғурта ҳимоясининг афзалликларини кенг тарғиб қилиш ҳамда компания ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 1 мартидан 6 апрелига қадар транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш полисини сотиб олган янги мижозлар ўртасида “Омадли полис соҳиби” акцияси ўтказилди.

Акциянинг омадли иштирокчиларига «Ўзбекинвест» компаниясидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

 

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати